2016 йил 25 апрелдаги 405-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

18-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

Қўшимча акциялар фақат жамият уставида белгиланган, эълон қилинган акцияларнинг сони доирасида жамият томонидан жойлаштирилиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки, агар жамият уставига ёхуд акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамиятнинг кузатув кенгашига шундай қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарорда жойлаштириладиган қўшимча оддий акцияларнинг ва имтиёзли акцияларнинг сони, уларни жойлаштириш муддатлари ҳамда шартлари белгиланган бўлиши керак.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш жойлаштирилган қўшимча акцияларнинг номинал қиймати миқдорида рўйхатдан ўтказилади. Бунда жамият уставида кўрсатилган, эълон қилинган муайян турдаги акцияларнинг сони ушбу турдаги жойлаштирилган қўшимча акцияларнинг сонига камайтирилиши керак.

Жамиятнинг тегишли бошқарув органи томонидан қабул қилинган қўшимча акцияларни чиқариш ҳақидаги қарор жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарордир.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш жалб қилинган инвестициялар, жамиятнинг ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) унинг ўз капитали ҳисобидан кўпайтиришда қўшимча акциялар барча акциядорлар ўртасида тақсимланади. Бунда ҳар бир акциядорга қайси турдаги акциялар тегишли бўлса, айни ўша турдаги акциялар унга тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) кўпайтирилиши натижасида кўпайтириш суммасининг битта акциянинг номинал қийматига мувофиқлиги таъминланмайдиган бўлса, жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга йўл қўйилмайди»

Мазкур Қонуннинг 40-моддаси қуйидаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди: «Жамият акцияларининг 50 ва ундан ортиқ фоизи эгасига айланган шахс, агар у бунгача мазкур жамият акцияларига эгалик қилмаган ёки акцияларининг 50 фоизидан камроғига эгалик қилган бўлса, қолган акциялар эгаларига акцияларни бозор қиймати бўйича ўзига сотишлари борасидаги таклифини ўттиз кун ичида эълон қилиши шарт. Акциядорнинг ўзига тегишли акцияларни сотиши тўғрисидаги ёзма розилиги эълон қилинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида олинган тақдирда, жамиятнинг 50 ва ундан ортиқ фоиз акциялари эгаси мазкур акцияларни сотиб олиши шарт».

Қонуннинг 51-моддаси эса, қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди: «Жамият томонидан оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни тўлаш акциядорларнинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади».